10/06/2016
Албатта, барчамиз учун қадрдон бўлиб қолган “Мафтунингман” кинофильми номини эшитишимиз биланоқ юзимизга беихтиёр табассум югуради. Салкам 60 йил аввал яратилган ушбу бебаҳо санъат асари ҳозиргача ўзбек киносининг ноёб дурдоналаридан бири ҳисобланади.
Соф севги-муҳаббатни, ўзбекона беғубор самимиятни, бир биридан қизиқарли эпизодларни ўзида мужассам этган бу мусиқий кино асардаги машҳур иборалар ва қўшиқлар қалбимиздан чуқур ўрин олган.
Клара Жалилова, Турғун Азизов, Аббос Бакиров, Наби Раҳимов, Раъно Ҳамроқулова, Санъат Девонов каби буюк истеъдодлар рол ижро этган “Мафтунингман” кинофильмини такрор ва такрор кўрсакда, зерикмаймиз.
Шундай мулоҳазалар билан “Dono Productions” кинокомпанияси ҳам шундай улуғ, машаққатли ва масъулиятли ишга, яъни “Мафтунингман-2” кинофильмини яратишга яхши ниятлар билан қўл урди.
Кастингнинг биринчи босқичи 7 июнь санасида Тошкент шаҳрида бошлаб юборилди. 8 июнь санасидаги кастингга “Мафтунингман” фильми юлдузлари - Ўзбекистон халқ артисти, профессор Турғун Азизов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Клара Жалиловалар “Мафтунингман” филмини суратга олиш жараёнлари, бу фильмга қандай келиб қолганлари ҳамда янгитдан қўл урилган “Мафтунингман - 2” фильмига ўз муносабатини билдирди.